Ҳурматли мухлислар, кўп сонли газетхонларнинг талаб ва таклифларига биноан, барчамиз учун севимли бўлган «Оталар сўзи — ақлнинг кўзи» кўрсатувини газетамиз саҳифаларига кўчиришга қарор қилдик. Энди ўзингиз ёки яқинларингизнинг ҳаётига доир оғриқли воқеа-ҳодисалар ёки муаммолар бўлса, таҳририятимизга мактуб йўллашингиз ёки ҳафтанинг сешанба куни соат 10-00дан-12-00 гача (+99890) 966-57-68 рақамларига қўнғироқ қилишингиз ва фикр-мулоҳазаларингизни «Оталар сўзи — ақлнинг кўзи» кўрсатувининг режиссёри ва бошловчиси Мираббос Мирзааҳмедов билан бўлишишингиз мумкин.
Мираббос Мирзааҳмедов: — Биз белгилаган вақтда бир неча телефон қўнғироқлари бўлиб, мухлисларимиз ўзларини қийнаётган муаммолари билан ўртоқлашди. Азизларим, албатта имкон қадар барчангизнинг дардингизни тинглашга ва тўғри йўл-йўриқ кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Бир онахон ўзининг бошидан ўтказган воқеаларни ҳикоя қилиб берди. Токи ана шундай ҳолатлар ўзининг тўғри ечимини топишга умид қилди. Зероки, инсон кечиримли бўлиши керак. Ота ва фарзанд ўртасида адоват бўлиши мумкин эмас. Нима бўлган тақдирда ҳам фарзанд ўз отасини тан олиши, уни кечириши керак. Келинг яхшиси қиз ва ота ўртасидаги келишмовчиликни ўзингиз ўқинг, ҳамда хулоса чиқаринг...
Кетма- кет совчиларнинг келишганидан шошиб қолишган Насибанинг ота-онаси ундан сўраб ҳам ўтиришмасдан розилик бериб юборишди. Тўйгача йигит билан қиз атига бир марта учрашишди. Деярли гаплашишмади ҳам. Тўйидан бир кун олдин Насиба йигитнинг яхши кўрган қизи борлиги ҳақида эшитди.
— Ойи нега ундай қилдиларингиз? Ахир у бошқасини севаркан.
— Севги тўйдан кейин бўлади. Йигит киши нечтасини севмайди дейсан. Шунгаям сиқилиб ўтирибсанми, — деди онаси уни юпатиб. Эндигини ўн саккизга кирган Насиба бунга ишонди. Тўй ўтди. Аммо у кутган севги унга насиб қилмади. Эри унга бефарқ эди. Учинчи куни унга қараб:
— Мен сенга уйланмоқчи эмасдим, мен билан ишинг бўлмасин — деди. Насиба аламини йиғидан олди. Кетиб ҳам қолмоқчи бўлди. Аммо, уч кунлик келин уйга кетса одамлар орасида нима деб гап тарқалишини , ота-онасининг боши эгилишини ўйлаб қолишга мажбур бўлди. Эрини қайнонасининг қистови билан ёнига кираётганини биларди. Кейинги ой ҳомиладор эканлиги маълум бўлди. Қайнонаси хурсандлигидан уни қайта-қайта дуо қилди. Бу хабардан кейин ҳам эрининг юраги бўшамади. Туғилажак фарзанд ҳам муносабатларини яхшиламади. Эри ярим тунгача келмайдиган одат чиқарди. Орада Насиба аччиқ қилиб уйига икки марта аразлаб ҳам кетди. Ота-онаси унга насиҳат қила-қила қайнонасига қўшиб қайтариб юборишди.
— Яна келдингми? — эридан эшитган биринчи гапи шу бўлди, — Ҳеч сендан қутула олмас эканман -да.
У ўзининг яхши кўрган қизига етиша олмаганлигида Насибани айбдор ҳисобларди. Охирги тортишувларида Насибанинг юзига тарсаки туширди. Насиба қайтиб келмасликка онт ичиб ота уйига кетиб қолди. Ота-онасига:
— Агар мени ўша ёққа юборсанглар ўзимни ўлдираман, — деди, ойи ҳеч бўлмаса сиз мени тушунинг. Мен у уйда ҳеч кимман.
Кўп ўтмай қизи Дилбар туғилди. Боласи туғилганини эшитса ҳам эри бир бора кўришга келмади. Қайнонаси ҳам қаросини кўрсатмади. Ўн тўққиз ёшида ёлғиз она бўлиб қолди. Ота-онаси ҳам унинг тақдирига роса куйинишди. Ҳали чақалоғининг чилласи чиқмай туриб эрининг ажрашиш бўйича судга ариза ташлаганини эшитди. Ажрашишди ҳам. Эри ўн кундан сўнг бошқасига уйланди. Тўй куни Насиба нинани устида ўтиргандай бўлди. Ўзининг бахтсизлигидан, тақдиридан ўксиниб йиғлади. Қизига ҳам қарагиси ҳам келмасди. Гўёки унинг бахтсизлигига қизи ҳам айбдордай. Хаётдан бутунлай совиб кетганди. Чақалоққа яхшиям онаси бор экан. Кечаю кундуз ўзи қарарди. Уйидагилари унинг қош-қовоғига қараб чарчашди. Шу зайлда орадан икки йил ўтди. Унга хотини билан ажрашган бир одамдан совчи келди. Ота-онаси бу сафар унинг раъйига қарашди. Насиба турмушга чиқди. Аммо қизини онасига ташлаб кетди. Чунки, эри боласини қабул қилишни истамади. Мурғак гўдак ҳам отасидан ҳам онасидан айрилди. Шу зайлда орадан йиллар ўтди. Насиба иккинчи эридан битта ўғил туғди. Ўғли билан қизининг муносабатлари яхши эди. Қизи Дилбар ҳам вояга етди. Сарторошлик касбини эгаллади. Чол-кампир неварасининг тақдири ҳам онасиникига ўхшамаслиги учун совчилар келиши билан унинг ўзига қўйиб беришди. Ниҳоят Дилбарнинг ҳам тўй куни белгиланди.
— Ойи, тўйимга отам келишини хоҳлайман, — дедит у. Насибанинг қалби титраб кетди. Бор нафрати юзига чиқди.
— Нима? Шунча йилдан бери сени бир йўқлаб келмаган отангни бошингга урасанми?
— Ойи ахир отам-ку. Мен ҳам ҳамма қизлар сингари тўйимда отам ҳам онам ҳам ёнимда туришини истайман.
— Йўқ. Уни кўргани кўзим йўқ. Чақирмаймиз.
— Ахир ойи. Сизлар туфайли мен ота-она меҳрига зор бўлиб катта бўлдим. Йўқ деманг, илтимос,— дея Дилбар йиғлаб юборди.
— Нима десанг ҳам у отаси. Қаршилик қилма. Тўйга чақирсин, — дея гапга аралашди бувиси, — уни бахтини кўрсам армоним йўқ. Насиба онасининг бу гапидан кейин индамади.
Дилбар отасини илк бора тўйида кўрди. Унинг елкасига бошини қўйиб тўйиб йиғлади. Бу кўз ёшлар йиллар армони, болалик алдовлари, аламлари эди, гўё. Уни қўшни шаҳарга узатиб кетишди. Дилбар кетма- кет ўзил ва қиз туғди. Эри яхши пул топгани учун майишатга берилиб кетди. Ичкиликкка берилиб кетди. Топган пулини ичиб келадиган бўлди. Аста- секин Дилбарга қўл кўтарадиган ундан пул талаб қиладиган бўлди. Беш йил тишини тишига қўйиб чидади. Охирги уриш-жанжалдан кейин Дилбар онасига телефон қилиб ҳаммасини айтиб берди. Насиба қизини боллалари билан уйига қайтариб келди.
— Балки, эринг инсофга кириб келар. Ажрашишни хаёлингга келтирма. Болаларинг бор, — деди Насиба опа.
— Ойи ўзимдан ўтганини ўзим биламан, — дея юм-юм йиғлади, ўзимни қийналганим етмаганидай, энди тақдирим болаларимга қайтарилябди. Айбим нима? Она- бола бир кулиб бир йиғлаб тонггача дардлашиб чиқишди. Дилбар ўзи сингари болаларини вояга етишини истамасди. Шу зайлда орадан уч ой ўтди. Рўза ойи эди.
— Ойи мен бориб отамдан хабар олиб келмоқчиман. Ҳозир яхши ой.
— Ўзинг биласан. Майли бора қол. Болаларингга ўзим қараб тураман, _1 деди Насиба опа унга қаршилик қилмай.
Дилбар йўл бўйи отаси билан нималар тўғрисида гаплашишни хаёл суриб кетди. У отасининг қизим деб гапиришини жуда- жуда истарди. Болалигида етимча деб чақиришганида эзилиб йиғлагани, дадам қаерда дея бувисидан қайта-қайта сўраганлари кўз олдида гавдаланди. Мана ўша манзил. Ўша ҳовли. Агар ота-онаси ажрашишмаганида у ҳам шу ерда бошқа болалар сингари тўкис улғайган бўлармиди. Дарвозани ўгай укаси шекилли, бир бола очди.
— Халиги... дадангиз уйдами? — деди дадам дейишга ботина олмай. Бола хайратланиб отасини чақирди.
— Ассалому алайкум, дада яхши юрибсизми? — деди отасини кўриши билан. У отасини қучоғига олиб қизим деб кўришишини кўз олдига келтирган эди. Аммо отаси совуққина қарши олди.
— Кир, уйда гаплашамиз, — деди унга ўқрайиб. Отаси, ўгай онаси билан синглиси шеккилли бир аёл билан қиз ва халиги бола ҳам уларнинг ёнига кирди.
— Хўш нега келдинг?
— Шундай сизни кўриб кетгани, — деди унинг саволидан ажабланиб қараб. У бундай муносабатни кутмаганди.
— Кўриб кетгани дегин. Эшитдим. Эринг билан ажрашиб онангни олдига келибсан. Нима ўгай отанг сиғдирмаябдими? Унда эшит, мени сендан қарзим йўқ. Сенга берадиган пулим ҳам йўқ. Сенга ойма-ой алимент юбориб турганман. Алимент оладиган ёшдан ўтгансан. Ёки онанг юбордими?
Отасининг бундай муомила қилиши унинг юрагига ханжар сингари урилди.
— Сиздан менга ҳеч нарса керак эмас. Мен... мен, — дея гапини охиригача ҳам айта олмай йиғлаганича ўзини дарвоза томонга қараб урди. Йўлда кета кетгунча йиғлаб борди. Қисматини бунчалик аянчли эканлигидан ўксинди.
Орадан уч йил ўтди. Эри билан келиша олмади.
— Болаларингни ўйла, одамлар нима дейди, — деди Насиба қизига.
— Одамларни гапи билан бир умр азобда яшамайман-ку? Бундан кейин болаларим учун яшайман. Бошқа эрга ҳам тегмайман. Дилбар эри билан ажрашди. Судда алимент олишдан воз кечди. Онаси нега бундай қилганини тушунди. Бувиси қилган ҳамма тилло тақинчоқларини сотди, укасининг ёрдами билан сартарошлик салони очди. Бор аламини ишдан олди. Тадбиркор аёлга айланди. Ўзига алоҳида уй-жой қилди. Опа- уканинг бир-бирига меҳрини кўриб Насиба опанинг кўзига ёш келди. Орада Насиба опанинг эри вафот этди. Шу зайлда кунлар кетини қувиб йиллар ўтди.
— Отанг бетоб экан бориб хабар ол, — деди бир куни Насиба опа нонушта устида қизига.
— Ҳеч қачон. Мени отам йўқ. Мен у кишини кечирмайман. Сиз ҳам иккинчи бу гапни менга айтманг.
— Лекин, қизим, у сенинг отанг. Кейин армон қилма, аччиқ устида иш қилма.
— Ойи, мени мажбурламанг. Барибир бормайман. Мен у кишини меҳрига муҳтож бўлиб борганман. Лекин мени уриб ҳайдагандан баттар қилди.
Насиба опа қизига гап уқтириш қийинлигини билди. Уни кўндиришга қанчалик ҳаракат қилмасин, унамади. Аммо, қизининг кейинчалик афсусланиб армон қилиши мумкинлигини ўйлаб сиқилябди...
Мираббос Мирзааҳмедов: — Қўнғироқ қилган онахоннинг аянчли ҳикояси бизни ҳам ўйлантириб қўйди. Ота ва қиз муносабатларини яхшилашга ҳаракат қилишлари, қизи Дилбарга ётиғи билан тушинтириш кераклигини маслаҳат бердик. Отаси ҳам хато қилган. Аммо фарзанд отасидан хабар олиши керак. Дилбар қизим ўзингиз ҳам фарзандларингизни вояга етказяпсиз. Энди ёш бола эмассиз. Аразлаб гина қилиб юриш ярашмайди. Ҳамма ҳам хато қилиши табиий. Кечиримли бўлинг. Эътиборингизга ҳавола этмоқчи бўлган воқеа шундан иборат эди. Бундан ҳамма ўзига керакли хулосани чиқаради деган умиддамиз, агар қахрамонимизга айтадиган фикр-мулоҳазаларингиз бўлса тахририятга мурожаат этишингиз мумкин. Хат ва қўнғироқларингизни кутиб қоламиз.

























